Унда ёш қизалоқ эдим. Холамнинг қизи билан яқин қариндошимизнинг уйига борганмиз. Иккаламиз ҳовлида "Беш тош" ўйнаб ўтирсак, қариндошимизнинг қўшнилари чиқиб қолди. Шу пайт Дилором сал нарироқда дарахт тагида ётган, бир ғалтак ип топиб олди. Қўлидаги ип билан меҳмонларга салом берди, —Ассалому алайкум,- дедим мен ҳам. —Қўлингдаги нима, бу ёққа берчи, Зумраддан (исмлар ўзгартирилган) зарур бўлиб шу ипни сўрасанг, бермайди, чириб ётишини қаранг,—деди. Шериги ҳам —Нимасини айтасиз, қишда қор сўрасанг бермайди-ю,—деб маъқуллади. Шу пайт Зумрад холам чиқиб қолди. Улар айланиб-ўргилиб сўрашдилар "Келинг-келинг"лаб уйга олиб кириб кетдилар. Ўша аёллар кечгача ўтирди, биз билан овқат еб, кейин уйларига чиқиб кетдилар. Мен бўлсам негадир ўша "бир ғалтак ип" воқеасини унутолмадим. "Қўшнилари холамни ёмон кўрар экан нимага у билан ўтириб чой ичади, нимага хозир яхши гапиряпти, нимага холам уларга қишда қор бермаган, қўшниларининг уйига қор ёғмаганми?" деб ўйлайверганман. Кейинчалик, адашмасам, бешинчи синфда ўқиётганимда "Қишда қор сўрасанг бермайди" жумласи ибора эканлигини ва у зиқна одамларга нисбатан қўлланишини тушунганман. Бир кимсани ўзи йўқ жойда ёмонлаб, яна қуюқ сўрашиб, дастурхонидан нон-туз еб кетавериш мумкинлигига эса анча улғайгачгина ақлим етди. Ҳаётим давомида мен учратган аксар аёллар шундай эди. Олдида мақтаб, икки қадам узоқлашиши билан ортидан "лой чаплаб" қўярди... Болалар тарбияни катталардан, тўғрироғи, ҳаётдан олади Аллоҳ ҳолимизни ислоҳ қилсин.