Бир чол ўғлиникига кўчиб
келди. Ўғли уйланган, тўрт
яшар фарзанди ҳам бор эди.
Чолнинг ёши бир жойга
бориб қолган, қўллари
қалтирар, кўзлари хира
кўрар, оёқларини зўрға
судраб юрарди. Оила
дастурхон атрофига
тўпланган пайтлари
қариянинг аҳволи янада
ёмонлашарди. Қошиғидан
тўкилган овқатлар полгача
тушар, пиёласидаги ширчой
дастурхонни доғларга
тўлдириб борарди. Буни
кўриб хуноби ошган ўғил ва
келин ўзаро
маслаҳатлашишди:
– Нимадир қилмасак
бўлмайди, – деди ўғил. –
Чапиллатиб овқат ейиши, сут
тўкиши, овқатларни ҳар
томонга сочиб юбориши
жонимга тегди.
Эр-хотин хона бурчагига
битта кичик хонтахта
қўйишга қарор қилди. Қария
шу ерда бир ўзи овқатлана
бошлади. Икки марта коса
синдирганидан кейин, тунука
талинкада овқат сузиб
берадиган бўлишди. Бир
куни бехосдан ўғилнинг кўзи
отасига тушиб қолди: бечора
қариянинг кўзларида милт-
милт ёш айланар,
хонтахтанинг четига
тикилганича тишсиз
милкларида овқатни у ёқдан
бу ёққа олиб ўтирарди.
Ўғилнинг юрагида кимдир
бош кўтариб, мана шу
мажолсиз чол сенинг отанг-
ку, уни бир четга суриб
қўйгани уялмайсанми,
дегандай бўлди. Бироқ у бу
ҳайқириққа эътибор
бермади. Фақат чолни
камроқ тергайдиган бўлди.
Тўрт ёшли невара ён-
атрофида бўлаётган
воқеаларни жимгина
кузатарди.
Бир куни ишдан қайтган ота
боласи ўйинчоқларини ёйиб
олиб ўйнаётганини кўрди. У
болғачаси билан ёғоч
косачасини урар, косача зарб
таъсирида у ёқ-бу ёққа
юмалаб кетарди.
– Нима қиляпсан, ўғлим? –
деб сўради ота меҳр билан.
– Аям билан сизга талинка
ясаяпман. Катта бўлсам,
сизларга овқат солиб
бераман, – деди болакай
ғурур билан. Сўнг бир
жилмайиб қўйди-да, яна ўз
ишига киришди.
Унинг гаплари ота-онасини
қаттиқ ҳаяжонга туширди,
икковлари ҳам мум
тишлаган, нима дейишни
билишмасди. Уларнинг
кўзларидан қайноқ-қайноқ
ёшлар томди. Гарчи бирор
оғиз сўз айтишмаган бўлса-
да, нима қилиш кераклигини
яхши англаб туришарди.
Кечки овқат пайти ўғил
қария отасининг қўлидан
ушлаб, дастурхон бошига
олиб келди. Яхши сўзлар
айтиб, кўнглини олди, ухлаш
пайти ўринга ҳам ўзи
етаклаб бориб ётқизиб
қўйди.
Энди қариянинг қўлидан
қошиқ тушиб кетса ёки сут
чойи тўкилса, ўғил ҳам,
келин ҳам асабийлашмасди.
Келин тушиб кетган қошиқни
янгисига алиштириб берар,
ўғил эса кўпинча отасини ўзи
овқатлантириб қўярди..!!